Узоқ йиллардан буён қурилиш кластери сифатида фаолият юритиб келаётган “Zarafshan Golden Group” компанияси томонидан қиймати 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Россия, Хитой, Италия, Испания ва Туркия давлатларидан келтирилган энг замонавий технологиялар асосида иккита йирик инновацион лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида корхонада қурилиш маҳсулотлари сифат ва самарадорлиги яхшиланди.

Компаниянинг Навоий шаҳридаги кичик саноат зонасида жойлашган автоклав усулида тайёрланадиган газобетон блок ишлаб чиқарувчи корхонаси бир кеча-кундузда 500, бир йилда эса 150 минг метр куб маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

– 2020-2021 йилларда 2 та лойиҳани амалга оширдик, – дейди компания бўлим бошлиғи Азиз Абдуллаев. – Биринчиси, темир бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлса, иккинчиси, газобетон блок ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Испаниядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган темир-бетон ишлаб чиқариш цехида шу пайтга қадар 10 нафар ишчи кучи билан суткада ўртача 10-15 тагача маҳсулот тайёрланган бўлса, замонавий технология асосида ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар ошди. Темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонамизда Европа стандартлари асосида 400 минг метр квадрат 50 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хитойнинг “KEDA” компаниясидан келтириб ўрнатилган технологиялар асосида автоклав усулида тайёрланадиган газобетон блок ишлаб чиқарувчи корхона йилига 150 минг метр куб маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 300 киши иш билан таъминланди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, газобетон блокдан фойдаланиш қурилиш-монтаж ишлари муддатини тўрт бараваргача камайтириб, умумий харажат сарфини ҳам бир неча баравар қисқартиради. Газобетон – ғовак (тешик-тешик) бетоннинг бир тури бўлиб, замонавий қурилиш материалидир. Уни баъзан “сунъий тош” деб ҳам аташади. Оддий бетондан фарқи – таркибида 1-3 миллиметрли пуфаклар мавжуд бўлиб, улар туфайли бетон енгил, етарли даражада мустаҳкам, иссиқ ва совуқдан яхши ҳимоялаш хусусиятларига эга бўлади.
Бугунги кунда барча ҳудудларда кўп қаватли турар жой бинолари, замонавий иншоотлар қурилмоқда. Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган сифатли қурилиш маҳсулотларидан эса ана шу каби иншоотларда кенг фойдаланилмоқда.